Тинчликка дахл қилувчи жиддий муаммо

Бош Сахифа / Матбуотда мақолалар / Тинчликка дахл қилувчи жиддий муаммо
01 December 2017

Республика «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтган йилнинг охирларида “Аҳолининг диний эътиқоди” мавзусида социологик тадқиқот ўтказган. Мазкур сўровноманинг диний экстремизм ва терроризм тўғрисида жамоатчилик фикри, деган бўлими эътиборни тортди. Негаки ундаги таҳлилларга қараб жамоатчиликнинг, Ўзбекистон фуқароларининг мазкур муаммога муносабатига, бундай хавф, таҳдид ва унга қарши олиб борилаётган ишларга қайсидир маънода баҳо бериш мумкин.

Сўровнома иштирокчиларининг 76,2 фоизи диний экстремизм ва терроризм Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон  учун энг жиддий муаммо деб ҳисоблашади. Яъни минтақа ва мамлакатда тинчлик ва барқарорликка кўпроқ таҳдид соладиган муаммо сифатида диний экстремизм ва терроризмни кўрсатишган. Бу фуқароларимизда террорчи ташкилотларнинг турли мамлакатлардаги хунрезликларини, хусусан Яқин Шарқда амалга ошираётган қуролли тўқнашувларини кузатиб, эшитиб, ўқиб, ҳосил бўлган хулоса. Қолаверса, олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирлар орқали ҳам улар онгига бундай хавф, таҳдидлар ҳақида кўпроқ маълумотлар сингдирилмоқда. Бироқ 2015 йилда ўтказилган сўровномада иштирокчиларнинг 79,6 фоизи диний экстремизм ва терроризмни тинчликка дахл қилувчи жиддий муаммо санашган. Бу нимадан далолат? Нега статистика пасайган? Назаримда бу аввало фуқароларимизда тилга олинаётган муаммонинг таҳдиди юртимизда камайиб бораётганига ишонч билан боғлиқ бўлса керак. Яъни мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган оқилона сиёсат, қолаверса ҳуқуқ-тартибот идоралари кўраётган чоралар самараси шундай хулоса чиқариш учун асос бўлиши мумкин. Аммо навбатдаги саволга жавобларни таҳлил қилиб, фикримиз бироз ўзгарди. Яъни минтақа мамлакатларида айрим диний бузғунчи оқимларнинг яширин фаолият юритаётган тарафдорлари мавжудлиги ҳақида эшитганмисиз, қабилидаги саволга хабардорлигини билдириб жавоб берган респондентларнинг сони жиддий қисқарган. Яъни 2015 йилда кўрсаткич 85,3 фоизни, 2016 йилда эса 57,5 фоизни ташкил этган. Кўрсаткич 27,8 фоизга қисқарган. Бу бузғунчи диний оқимлар ҳақида хабардор бўлмаганлар 27,8 фоизга ортди, дегани ҳам. Хўш, қандай хулоса чиқариш мумкин? Радикал диний ғояларнинг тарқалишига қарши курашни янада фаоллаштириш, бундай оқимларнинг бузғунчилик моҳиятидан, ундан келиб чиқадиган таҳдидлардан аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича профилактик ишларни жонлантириш лозим.

Хўш, бундай диний оқимлардан хабардор бўлган респондентлар уларнинг бузғунчиликларига қандай муносабат билдиришади? “Ҳизб ут-таҳрир”, “Акромийлар” каби диний экстремистик ташкилотларга нисбатан уларнинг хулосаси шундай бўлган: сўралганларнинг 47,9 фоизи “улар мамлакатимизнинг душманлари, улар ёшларни халқимизга ёт бўлган ғоялар билан заҳарлашни ҳоҳлайдилар” деб ҳисоблашади. 31,3 фоизи эса “булар исломнинг ҳақиқий қадриятларини билмайдиган диний экстремистлар”, 16, 3 фоизи “ булар исломни бир томонлама идрок этадиган ва фақат ўзларини чин мусулмонлар ҳисоблайдиган мутаассиблар” дейишган. Қолаверса, “булар ҳокимият учун курашда диндорларнинг диний туйғуларидан фойдаланишга ва исломий шиорлар остида халқ оммасини сохта, ҳалокатли йўлга йўналтиришга ҳаракат қилаётган қора кучлар” қабилида ҳам жавоблар берилган. Кўриниб турибдики, фуқароларимиз онгида бузғунчилар ва бузғунчи ғояларга нисбатан салбий муносабат шаклланган. Иммунитетни мана шундай йўсинда кучайтириб боравериш талаб этилади.

“Диний экстремизм” ва “терроризм” тушунчаларини нима билан боғлайсиз? саволига “Террорчилик актлари, қўпорувчилик” деган жавоб энг кўп фоизга эга бўлган: 71,1. Иккинчи ўринда “минтақа ва мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш”, учинчи ўринда “аҳоли ўртасида қўрқув ва саросима уйғотиш” деган жавоблар. Рўйхат давомида “жамиятдаги тинчлик ва тотувликни издан чиқариш”, “турли динларга эътиқод қилувчилар ва турли миллатлар вакиллари ўртасидаги кескинлик”, “ёшларни алдаш, уларнинг онгига бузғунчилик таъсири” каби жавоблар ҳам бор. Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Бу мамлакатимиз халқи диний экстремизм ва терроризмнинг бузғунчи ғояларини тобора чуқур англаб бораётганидан.

Террорчилар ўз ғаразли мақсадларини мамлакатимизда амалга ошира оладими, халқимизнинг бунга муносабати қандай? Сўровноманинг навбатдаги саволи бунга жавоб топишга ёрдам беради. Сўровномада қатнашганларнинг 36,2 фоизи “ҳеч қандай куч Ўзбекистонни ўз танлаган йўлидан оғдира олмайди”, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 21,6 фоизи эса “ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди”, деган қатъий жавобни беришган. Жавобларнинг 16,5 фоизида “диний экстремистларни Ўзбекистон халқи қўллаб-қувватламаган ва ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди”, 15,8 фоизида “ҳар қандай террорчилик ҳаракатлари Ўзбекистон халқи томонидан қораланади”, дейилган. Умуман олганда сўралганларнинг 88,8 фоизи террорчи кучлар Ўзбекистонда ўз ғаразли мақсадларига ета олмайди, деб ҳисоблашади. Аввало бу жавоблар замирида эртанги кунга ишонч ҳисси юксак. Қолаверса, бу назаримда фуқароларимиз онгида мафкуравий иммунитет тобора шаклланаётганидан. Бундай қуроли бор миллатга, давлатга вайронкор, бузғунчи ғоялар таъсирини ўтказа олмайди.

Бироқ онгида, қалбида бўшлиқ ҳосил бўлган ижтимоий қатлам борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Булар – оқу қорани ҳали ажрата олмайдиган ёшлар. Савол туғилади. Ёшлар нега диний-экстремистик мафкура, ғоялар таъсирига тушиб қолишади? Сўровномада иштирок этганларнинг 25 фоизи ўзбек халқининг рационализмга асосланган диний анъаналарини ёшларнинг етарлича билмасликлари экстремистларнинг улар онгига таъсир ўтказишига замин яратади, деб ҳисоблашган. “Ишсизлик ва моддий қийинчиликлар туфайли ёшларнинг бир қисми диний экстремистлар таъсирига тушиб қолади”, деб ўйлайдиганлар 20,7 фоизни ташкил этган. Навбатдаги ўринларда “оилавий тарбиядаги камчиликлар” (13,4 фоиз), “тезда катта пул ишлашга интилиш” (12,3 фоиз), “экстремистлар томонидан ўз мустақил фикрига эга бўлмаган кишиларнинг алданиши” (10,4 фоиз), “бу ёшлар исломни нотўғри тушунишади, шу сабабли экстремистлар таъсирига тушиб қолади” (6 фоиз)  каби жавобларни кўрсатиш мумкин. Мана, муаммонинг илдизи қаерда?!

Хўш, аҳолини, айниқса ёшларни диний-экстремистик мафкуралар таъсиридан асраш учун нима қилмоқ керак? Сўралганларнинг 70 фоизи оиладаги тарбия яхшиланса, бу ёшларни радикал мафкуралар таъсиридан ҳимоя қилади, деб жавоб беришган. 2009-2015 йиллар оралиғида ўтказилган сўровномада ҳам респондентларнинг 60-76 фоизи шу тарзда фикрлаган. Дарҳақиқат оила улкан тарбия маскани. Айниқса ўзбек хонадонида, маҳалласида тарбия билан боғлиқ ишларга жиддий эътибор берилса, бу энг катта қалқон вазифасини ўтайди.

Навбатдаги ўринларда ёш авлодни таълим муассасаларида маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашни кучайтириш, маҳалла тузилмалари ишини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари ролини ошириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, фуқаровий фаоллигини ошириш каби  жавоблар акс этган. Тўғри, мазкур жавоблар жамоатчиликда шаклланган ва асосли. Кўп бора такрорланган ҳам. Биздан талаб қилинаётгани муаммога ёндашувни ўзгартириш. Акс ҳолда остонадан қайтарганимиз, туйнук, дераза, умуман кириш учун ҳар қандай бўшлиқни излаши ҳақиқат.

М. АБИЛОВ

“VATANPARVAR” №10,  10.03.2017

Другие материалы рубрики

Одам савдосига қарши курашиш жамоатчилик фикри кўзгусида

03 July 2019

Жамиятнинг маънавий кўзгуси

19 February 2018

Ҳаётдан мамнунлик саодати

05 December 2017

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи

27 November 2017

Ўзбекистон — умумий уйимиз

24 November 2017