#это от GoogleTags # #это от adSense # #это от Analiytics # #это от GoogleTags #

«Ўзбекистонликлар Сирдарё вилоятида юз берган фалокат тўғрисида» мавзусида телефон сўрови ўтказилди

Бош Сахифа / Янгиликлар / «Ўзбекистонликлар Сирдарё вилоятида юз берган фалокат тўғрисида» мавзусида телефон сўрови ўтказилди
07 May 2020

 «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган фожеа ва тўғон ўпирилиши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сув босган ҳудудлар аҳолисини маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида мамлакат фуқароларининг фикрини ўрганиш мақсадида «Ўзбекистонликлар Сирдарё вилоятида юз берган фалокат тўғрисида» мавзусида телефон сўровини ўтказди.

Сўровда республика барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар ва катта авлод вакиллари, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этдилар

Жамоатчилик фикри бўйича ўтказилган телефон сўрови Сардоба сув омборида тўғоннинг ўпирилиши натижасида юз берган сув тошқини ҳудудида қолган ватандошларимизни мамлакатнинг барча фуқаролари, жами аҳолиси ҳеч бир шубҳасиз қўллаб-қувватлаётганлигини, мамлакат раҳбарияти, давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари,  оддий фуқароларнинг тошқиндан зарар кўрган ҳудудлар аҳолисига кечиктириб бўлмас ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича барча хатти-ҳаракатлари жипслашувининг юқори даражасини тасдиқлади.

Телефон сўрови давомида ўзбекистонликлар «минглаб ватандошларимизни бошпанасиз қолдирган фожеадан астойдил изтиробда эканликларини» алоҳида қайд этдилар, фуқаролар  «жабрланган кишиларга тезроқ одатий турмуш тарзига қайтишлари ва уй-жойларининг тикланишини» чин юракдан тиладилар ҳамда «халқимиз, мамлакатимиз барча қийинчилик ва синовларни ҳамжиҳатликда енгишига» ишонч билдирдилар.

 

 

Сўнгги вақтларда халқимиз бошига кўп синовлар тушди, аммо қийинчиликлар бизни тоблайди, кучлироқ қилади. Шуниси жуда муҳимки, синов дамларида бутун Ўзбекистон халқи жипслашди ва Сардоба аҳолисини кулфат билан юзма-юз ёлғиз қолдирмади. Жабрланган оилаларга кўпчилик - ким пул билан, ким кийим-кечак, ким озиқ-овқат билан баҳоли қудрат ёрдам кўрсатмоқда. Оғир дамларда ёлғиз эмаслигингни билиш жуда муҳим.

Бошланғич синф ўқитувчиси,  Тошкент шаҳри

 

Мен халқимизнинг қийинчилик ва муаммолардан қўрқмасдан, изтиробда меҳр-шафқат, мурувват, ўзаро ёрдам ва ўзганинг дардига ҳамдард бўлиш каби энг яхши инсоний фазилатларни намоён қилаётганидан жуда фахрланаман. Кўп миллатли мамлакатимизнинг барча халқи тўғон ўпирилишидан жабрланган Сирдарё вилояти аҳолисига ёрдамга келди ва бу ҳамжиҳатлик ҳаммаси ўнгланиб кетишига ишонч уйғотади!

Тадбиркор, Қўқон шаҳри

 

 

 

Сирдарё вилоятида юз берган фожеа ҳақидаги хабарларни хавотир билан кузатиб бордим, энг асосийси, одамлар соғ-саломат, қолган барча қийинчиликларни енгиб ўтиш мумкин, биз уларни биргаликда ҳал қиламиз!

Web-дизайнер, Чирчиқ шаҳри

 

Телефон сўрови натижалари кўпчилик фуқаролар офат юз берган ҳудудга йўналтирилган ва келишда давом этаётган ёрдам ҳақида яхши хабардор эканлигини аниқлади. «Сиз сув тошқинидан жабрланган аҳолига қандай ёрдам кўрсатилаётганлигини биласизми?» деган саволга телефон сўровининг кўпчилик (92,9%) иштирокчилари ижобий жавоб бердилар. Фуқаролар Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши маълум бўлган дастлабки соатлардаёқ сув тошган жойлардаги аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилганлигини, тошқиндан жабрланганлар учун зудлик билан озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, қурилиш материаллари ва зарур ускуналар кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамини йиғиш ташкил этилганлигини қайд этдилар. Ҳозирги вақтда биноларни қуриш-таъмирлаш, йўллар ва кўприкларни созлаш ишлари бошланди,  ижтимоий инфратузилма ва муҳандислик-қурилиш коммуникациялари қайта тикланмоқда, сув тошқинидан яроқсизланган ҳудудлар тартибга келтирилиб, дезинфекция қилинмоқда, қишлоқ хўжалиги ерларига қайта ишлов бериш бошланди. Сардоба сув омбори тўғонининг бузилган қисмида тиклаш ишларига киришилди.

 

 

Биз ҳаммамиз Сардоба сув омборида тўғон ўпирилишидан ларзага келдик. Давлат сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўраётганини биламан. Мамлакат Президенти муаммони жойида ўрганиш ва зудлик билан энг зарур чора-тадбирларни кўриш учун шошилинч равишда Сирдарё вилоятига етиб борди. Жабрланган сирдарёликларнинг одатдаги ҳаёт тарзига қайтиши ва давлат томонидан ҳеч кимнинг ёрдамсиз қолмаслиги учун барча зарур ишлар қилинади.

Тадбиркор, Қорақалпоғистон Республикаси

 

Телефон сўрови Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатларини бартараф этиш ва сув тошқинидан жабрланган ҳудудлар аҳолисига маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича мамлакат Президенти раҳбарлигида кўрилаётган чора-тадбирларга аҳолининг муносабатини аниқлади.

Ўтказилган телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги (91,0%) мамлакат Президенти раҳбарлигида Сирдарё вилоятидаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, ижтимоий соҳа объектларини қайта тиклаш ва қишлоқ хўжалиги экинларига етказилган зарарга барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайдилар ва юқори баҳолайдилар ҳамда «тошқин оқибатларини тугатиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар тўла ҳажмда кўрилди», деб ҳисоблайдилар.

 

 

Тўғоннинг ўпирилиши ва Сирдарё вилоятида келиб чиққан сув тошқини мамлакатимиз учун жиддий синов бўлди. Ўзбекистон раҳбарияти фожеанинг дастлабки соатлариданоқ ушбу минтақаларнинг жабрланган аҳолисига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор, самарали чора-тадбирлар кўрди. Президент дарҳол  Сирдарё вилоятига етиб борди ва сув тошқини оқибатларини тугатиш бўйича Ҳукумат комиссиясига шахсан раҳбарлик қилди. Ўйлашимча, мамлакат раҳбариятининг муносабати тезкор ва кенг қамровли бўлди.

Қўшма корхона ходими, Андижон шаҳри

      

 

Бутун дунё ва мамлакатимиз коронавирус пандемиясига қарши курашаётган ҳозирги пайтда Сирдарё вилоятидаги сув тошқини давлатимизни яна бир бор ларзага солди. Ўзбекистонликлар мамлакат раҳбариятини, сув тошқини оқибатларини бартараф этаётган тузилмалар вакилларини қўллаб-қувватлашлари ва жабрланган юртдошларимизга баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишлари керак.

Ҳарбий хизматчи, Фарғона вилояти

 

 

Телефон сўрови натижасида олинган маълумотларга мувофиқ, 91,5% фуқаролар сув тошқини натижасида жабрланган фуқароларга давлат Раҳбари етакчилигида ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Респондентлар «ўз вақтида ва етарли ҳажмда ёрдам кўрсатилмоқда», деб ҳисоблайдилар. 

Телефон интервьюси давомида фуқаролар мамлакатда юзага келган эпидемиологик вазият туфайли мавжуд барча қийинчиликларга қарамасдан Сирдарё вилоятига Ўзбекистоннинг барча минтақаларидан шошилинч ёрдам юборилганлиги, уйлари сув тошқинидан зарар кўрган фуқароларни кўчириш ишлари самарали йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидладилар.

Сўров иштирокчилари мамлакат Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг воқеа содир бўлган жойга зудлик билан етиб борганлиги, Сирдарё вилояти аҳолисини қўллаб-қувватлагани ва ҳеч кимнинг эътиборсиз қолмаслигига, ҳар бир жабрланган кишига ёрдам кўрсатилишига ишонтирганини алоҳида қайд этдилар. Давлат раҳбари таъмирлаш-тиклаш ишлари жараёнини ва минтақадаги ҳаётнинг доимий изга тушишини шахсан назорат қилмоқда.

 

 

Мен ҳаммаси ўтиб кетишига ишонаман! Биз албатта уддалаймиз! Мамлакатимиз Президенти фожеа юз берган жойга ўша куниёқ етиб келди ҳамда жабрланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш ва сув тошқини оқибатларни бартараф этиш бўйича барча ишларни алоҳида шахсий назоратига олди.                   

             Тадбиркор, Сирдарё вилояти

 

 

Шубҳасиз, Ўзбекистонда Сирдарё вилояти аҳолиси бошига тушган кулфатга бефарқ киши бўлмаса керак. Юз берган сув тошқини одамларни ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилди, уларнинг кўпини қайта тиклаш ҳам мумкин эмас. Аммо одамлар ўз муаммолари билан ёлғиз қолишмади. Давлат Президентимиз раҳбарлигида одамларни хавфсиз жойларга кўчирди, ҳамма жойлаштирилди, зарур нарсалар билан таъминланди, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш давом этмоқда.

Ўқитувчи, Жиззах вилояти

 

Кўпчилик фуқароларнинг фикрича, ўзбекистонликлар мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолганларга ҳамиша ёрдамга шай, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, хайрихоҳлик, меҳр-шафқат ва ҳамдардлик каби хислатлар халқимизга хосдир.

Телефон сўрови Ўзбекистон фуқароларининг тўғон ўпирилишидан зарар кўрган аҳоли пунктларида яшовчиларга ёрдам беришга тайёрлигини аниқлади. «Сиз сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам беришга тайёрмисиз?» деган саволга 83,4% сўралганлар тасдиқловчи жавоб беришди, улардан 26,1% респондентлар жабрланганлар учун маблағ ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва кийим-кечак йиғишда фаол иштирок этишга киришган ҳам, 57,3% сўров иштирокчиларининг фикрича эса, улар сув тошқинидан жабрланган аҳолига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишга тайёрдир.

 

 

 

Мамлакатимиз аҳолиси мураккаб вазиятларда бошига кулфат тушган кишиларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзади. Уруш пайтида фашистлар томонидан босиб олинган ҳудудлардан кўчириб келтирилган бир ярим миллиондан ортиқ кишини Ўзбекистон ўз бағрига қабул қилди, уларнинг ҳаммаси шу ерда бошпана топди ва маҳаллий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди. Одамлар кўчириб келтирилганларни ўз уйларига қабул қилишди, сўнгги бурда нонини улар билан бўлишишди, етимларни фарзандликка олишди ва уларни ўз фарзандлари билан биргаликда тарбиялашди. Бугун Сирдарё вилоятида фалокат юз берган ва 70 минг киши ўз уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлган бир пайтда оддий одамлар четда турмадилар. Кўплаб жабрланганлар меҳмондўст ватандошларининг уйларидан бошпана топишди, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси жабрланганларга жўнатиш учун кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик рўзғор буюмларини келтиришаяпти, ташаббускор кишилар кўнгиллилар гуруҳларига бирлашишмоқда. Бугунги ўзбекистонликлар аждодларига муносиб эканликларини амалда кўрсатдилар ва ушбу мураккаб вазиятда ўз шаънларига лойиқ иш тутдилар. Мен ўз халқим билан фахрланаман ва биз биргаликда  ҳар қандай қийинчиликларни енга олишимизга ишонаман.

       Шифокор, Гулистон шаҳри

 

Давлат сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун ҳамма ишни қилмоқда, аммо биз оддий кишилар ҳам зиммасига шундай синов тушган ватандошларимизга ёрдам берамиз. Ишонаманки, бирон жойда мамлакат аҳолиси фалокатга учраганда бошқа фуқаролар четда турмаслиги керак.                                                                                       

Пенсионер, Тошкент шаҳри

 

Мен чин дилдан ҳамдардман ва фуқароларимизни қўллаб-қувватлайман, ўзимнинг уйимни беришга ҳам тайёрман. Одамлар қандай азобланаётганини кўриш, ҳис қилиш  -  жуда ҳам оғир, юрагинг зирқирайди, кўз ёшингни тўхтатолмайсан.

    Пенсионер, Сурхондарё вилояти

 

Телефон интервьюси давомида сўров иштирокчилари гидроиншоотлардаги хавфсизлик даражасини ошириш, уларни мунтазам профилактика қилиш, улардан фойдаланишни назорат қилишнинг янги тизимини яратиш, фалокат айбдорларини қаттиқ жазолаш, коррупцияга қарши курашиш, қатъий интизом ўрнатиш, мамлакатдаги мавжуд бошқа
сув омборларининг ҳолатини текшириш Сардоба сув омборидаги каби фожеалар такрорланишининг олдини олишга имкон беришини қайд этдилар. Бундай иншоотларни қуриш ва улардан фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатилиши, фуқароларнинг фикрича, келажакда шу сингари ҳодисаларнинг олдини олишда энг муҳим чора ҳисобланади. Сўров иштирокчилари
шунга ишонадиларки, ходимлар танлови устидан қаттиқ назорат ўрнатиш, уларнинг касбий савияси ва масъулиятини ошириш зарур.

Умуман олганда, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ўтказган телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, Сардоба сув омборида юз берган, Сирдарё вилоятида аҳоли пунктларининг сув босишига олиб келган ҳамда ўн минглаб аҳолини уй-жойсиз қолдирган фожеа давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес доираси вакиллари ва оддий фуқароларни жипслаштирди, улар жабрланганларга зудлик билан ҳар томонлама ёрдам кўрсатдилар ҳамда уларни қўллаб-қувватладилар.

Мамлакат аҳолиси республика Президенти раҳбарлигида сув тошқини оқибатларини тугатиш, жабрланганларга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиш, уларни бирламчи энг зарур буюмлар, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, аҳоли пунктларидаги инфратузилмани, кўприклар, йўллар ва уй-жойларни қайта тиклаш бўйича таъмирлаш-қурилиш ишларини амалга ошириш юзасидан қабул қилинаётган давлат қарорларининг  ўз вақтидалиги ва тўғрилигига қатъий ишонади.

Телефон сўрови ўзбекистонликларнинг сув тошқинидан талофат кўрган туманлар аҳолисини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини намойиш қилди, аҳоли турли ижтимоий қатламларининг вакиллари, эркаклар ва аёллар, ўрта ва кекса ёшдаги фуқаролар, фаолиятнинг турли соҳаларида банд бўлган кишилар фалокатдан жабрланган ватандошларга ўзларининг баҳоли қудрат ёрдамларини беришга тайёр эканликларини билдирдилар
ва Ўзбекистон халқига хос бўлган меҳр-шафқат, мурувват, ўзаро ёрдам, қатъият ва эзгулик, саховат ва олижаноблик, ҳамдардлик ва хайрихоҳлик, ҳамжиҳатлик каби энг яхши фазилатларни намойиш этдилар.

Другие материалы рубрики

Ўзбекистон оиласи ўзини изоляциялаш шароитида, ўзаро муносабатлар ва масъулият доираси - мавзусидаги телефон сўрови ўтказилди

28 May 2020

”Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бўйича давлат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакат фуқаролари баҳосида” мавзусида телефон сўрови ўтказилди

01 May 2020

“Ўзини изоляциялаш даврида фуқароларнинг ижтимоий кайфияти ва ўзини ижтимоий ҳис қилиши” мавзусида телефон сўрови ўтказди

24 April 2020

Марказ ходимларининг беғараз ёрдами

10 April 2020

”Ўзбекистон фуқаролари COVID - 19 коронавирус инфекциясига қарши кураш даври тўғрисида” мавзусида телефон сўрови ўтказилди

08 April 2020

Марказ ҳаётидан

Барча суратлар